Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 июн куни “Камолот” ЁИҲ нинг IV- Қурултойида иштирок этди. Бу Қурултойда давлат томонидан ёшларга қаратилаётган эътибори ва ёшларнинг давлат келажагига маъсулят билан ёндашаётганлиги яна бир бор ўз аксини топди. Президентимиз ёшларнинг эришаётган ютуқлари билан ўзбек халқи фахрланишини таъкидлаб, ёшларни қийнаётган муаммоларга тўхталиб ўтди.

Қурултойда ёшларнинг маданиятини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, дунёқарашини янада кенгайтириш, ўсиб келаётган ёшларни ўз мутахассислиги бўйича тайёрлаш, уларни раҳбар сифатида шакллантириб бориш ва энг асосийси ёшларда ватанга бўлган муҳаббатини янада кучайтириш масалалари долзарб мавзу сифатида қўйилди.

Қурултойда “Камолот” ЁИҲ ни тубдан ислоҳ этиш, унинг фаолиятини янада кенгайтириш, ёшларни кенг миқёсда жалб этиш, ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун муносиб шароит яратиб беришга кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб етишишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан “Камолот” ЁИҲ негизида “Ёшлар Иттифоқи” ёшлар ташкилоти таъсис этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёйев 30 июн кунини “Ёшлар куни” деб эълон қилди. “Хўш, Ёшлар Иттифоқи ватанимиз равнақи йўлида ёшлар учун қандай имкониятларни бера олади ва қандай вазифаларни бажаради?” деган савол ҳар бир юртдошимиз кўнглидан ўтган бўлса ажаб эмас.

Ҳозирда Ёшлар Иттифоқига ёшлар ўз қобилиятидан келиб чиққан ҳолда ва ўз хоҳишлари билан ёшлар ташкилотига илк қадамларини қўймоқда. Бунда ёшлар қамрови чекланмаган ҳолда, Ўзбекистоннинг барча ёшларини жалб қилиш, ёшларга ўз йўлини танлашда кўмаклашиш, уларга моддий ва маънавий ёрдамлашишни ўзининг асосий вазифаларидан бири қилиб қўйди. Юртимиздаги ҳар бир ёш уларга берилаётган имкониятлардан четда қолмаслиги шарт.